Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди

Р е ж а

  1. У янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири.
  2. Биографияси.
  3. Абдулла Қодирийнинг маърифатпарварлик руҳидаги илк асарлари.
  4. У ўзбек реалистик романининг яратувчиси.
  5. Абдулла Қодирий сатираси.
  6. Унинг замонавий мавзудаги асарлари.
  7. Унинг адабий-танқидий қарашлари.
  8. Танқид ва адабиётшуносликда Абдулла Қодирий ижодининг ўрганилиши.

А.Қодирий ҳақида қисқача

А.Қодирий ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бирир. Қодирийнинг ўзбек адабиёти ривожида ўрни беқиёс. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари билан у ўзбек романчилигига асос солди. Қодирийнинг дастлабки машқлари 1913-1914 йилларда илк бора нашриёт юзини кўрди. Ёзувчининг илк шеърлари  “Миллатимга”, “Аҳволимиз”, “Тўй”дир. Унда Қодирий ғафлатда, жаҳолат ботқоғида қолган халқининг аҳволини алам билан ёрқин деталлар орқали таърифлайди:

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,                

Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз. 

Қодирий тез орада шеъриятни ташлаб, драматургия, насрга ўтди,  бирин-кетин “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз” асарларини эълон қилди. Муаллифнинг эътироф этишича, “Бахтсиз куёв” “Падаркуш” пьесаси таъсирида, “Жувонбоз” эса татарларда чиқиб турган жадидчилик руҳидаги ҳикоя ва романларга тақлидан ёзилган.

Бу икки асарда ҳам Қодирий ўз шеърларидаги мотивни давом эттиради, жадид адабиётига хос ғояларни илгари суради. Орадан сал ўтмай “Улоқда” ҳикояси юзага келди. Ойбек бу ҳикояга жуда юксак баҳо бера

ди. “Улоқда” номли ҳикояси “Жувонбоз” ва бошқа асарларига нисбатан тенглаштирилмас даражада юқори бир асар“, — деб ёзади у. Бу асардан ёзувчи ҳикоя техникаси, приёмларини эгаллаганлиги яққол аён бўлади. Қодирий “Улоқда” ҳикояси билан ўзбек насрида реалистик методнинг қарор топишига асос солди.

“Улоқда” ҳикояси халқ сўзлари ва ифодалари асарнинг бадиий тўқимасига узвий кириб кетганлиги билан ажралиб туради. Ҳикоя жонли, образли тил билан ёзилган. Шахслар ҳам ўзига хос тил билан сўзлайдилар. Ҳикояда ташвиқотчининг, воизнинг ўрнини санъаткор олади. Ёзувчи бу асарда воқеалар устида муҳокама қилмайди, тушунтирмайди, балки образлар орқали кўрсатади.

Адибнинг ана шундай асарларидан “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари унинг ижодида энг катта ҳодиса даражасига  кўтарилди. Ёзувчининг эътироф этишича, “Ўтган кунлар”ни у 1919 йилда ёза бошлаган. Қодирий бу романида холис – объектив туриб, ўтган ХIХ аср ўрталаридаги Туркистон тарихининг, ўзбек халқи ҳаётининг ҳаққоний манзарасини беради, муҳим тарихий жараёнларни чуқур бадиий таҳлил этади, даврнинг етакчи ижтимоий кучлари моҳиятини очади, ўша замон кишиларининг аҳвол руҳияти, орзу интилишлари, қувонч ва ташвишларини фавқулодда бир маҳорат билан ёрқин образлар орқали кўрсатади.