Абдулла Авлоний ижодий фаолияти

Reja

  1. А.Авлоний янги даврнинг янги зиёлиси.
  2. Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижодий фаолияти.
  3. У жадид ўқитувчи.
  4. А.Авлоний янги маданият тараққиёти жонкуяр ташкилотчиси.
  5. А.Авлоний – ношир.
  6. Абдулла Авлоний дарслик ва мажмуалари.

А.Авлоний haqida Qisqacha

Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг мерганча маҳалласида майда савдогар Миравлон оиласида туғилган. Абдулла ўқчи маҳалласидаги эски усул мактабида, кейин шу ердаги мадрасада таҳсил кўрган. Сўнг Шайҳонтоҳурдаги Абдумаликбой мадрасасида ўқиган.

Аммо бу ердаги ўқишини ниҳоясига етказа олмайди. Тирикчилик учун мардикорлик билан шуғулланишига тўғри келади. Адабиётга бўлган ҳавас унда шу йиллари уйғонади. 1900 йили уйланади. 1904 йили Абдулла Мирободда усули жадид мактабини очади.

1907 йилда А.Авлоний ўз ҳовлисида «Шуҳрат» газетасини ҳам чиқара бошлайди. Бироқ газета 10 та сони чиққач, цензура томонидан тўҳталиб, таҳририят асбоб-анжомлари, қоғозлари мусодара қилинади. 

Лекин Авлоний бўш келмайди. А.Бектемиров номига рухсат олиб «Осиё» номли газета чиқара бошлайди. Бу ўзбек миллий матбуотининг дастлабки намуналаридандир. 

Абдулла Авлоний 1904-05 йилларда ҳам ижодий, ҳам амалий педагогик иш билан қизғин шуғулланади. У ўз шеърларини «Ҳижрон» таҳаллуси билан эълон қилади. Мақолаларини эса «Мулла Абдулла», «Авлоний», «Абдулла Авлоний» имзолари билан бостирди.

1909 йилда «Жамияти ҳайрия» очади ва маҳаллий халқ болаларининг ўқиб билим олишлари учун пул йиғиб, мактабларга тарқатади. А.Авлоний 1913 йилнинг охирида тошкентлик жадид – тараққийпарварларнинг ташаббуси билан «Турон» жамияти тузилди.

Унинг ҳам муассисларидан бири Авлоний эди. Жамият қошида театр труппаси ташкил этилди. Абдулла Авлоний труппаси саҳналаштирган биринчи асар Беҳбудийнинг «Падаркуши» бўлди. 

1914-15 йилларда адвокат Убайдулла Хўжаев билан «Садойи Туркистон» газетасида ҳамкорлик қилади. Газетадаги шеър ва мақолаларнинг аксарияти А.Авлоний қаламига мансуб. Бу ҳол унинг таҳририятдаги мавқеи анча бўлганини кўрсатади.

Шунингдек А.Авлоний ўз труппаси учун «Адвокатлик осонми?!», «Пинак», «Биз ва Сиз», «Икки севги», «Португалия инқилоби» каби драмаларни ёзиб берди. «Қотили Карима», «Уй тарбиясининг бир шакли», «Хиёнаткор оиласи», «Бадбахт келин», «Хур-ҳур», «Жаҳолат», «Ўликлар» сингари саҳна асарларини татарча ва озарбайжончадан таржима қилиб берди. А.Авлоний 1917 йилда «Ўқитувчилар уюшмаси»ни тузади, ерли халқлар орасидан биринчи бўлиб, унга раҳбарлик қилади.

У янги мактаблар учун янги дарсликлар жуда зарурлигини билади. Шунинг учун ҳам адибнинг 1909-17 йиллар давомида махсус мактаб болалари учун ёзилган ўндан ортиқ китоби майдонга келган.

Унинг «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Туркий гулистон ёҳуд аҳлоқ», «Мактаб гулистони» сингари дарсликлари, «Адабиёт ёҳудмиллий шеърлар» тўплами бир неча бор қайта-қайта нашр этилди. Туркистоннинг жуда кўп янги усул мактаблари учун қўлланма бўлиб хизмат қилди.