Абдулла Авлоний

Кириш

Таниқли маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний педагогик фикр тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган, ўз асарларида ўзбек халқининг энг яхши анъаналарини, таълим-тарбияга оид муҳим ҳаётий масалани акс эттирган педагог, олимдир.

А.Авлоний 1878 йил 12 июлда Тошкент шаҳрининг Мерганча
маҳалласида, майда ҳунарманд-тўқувчи оиласида дунёга келди. Ота-онаси саводли кишилар бўлганлар.

А.Авлоний эски усул мактабини тамомлагандан кейин 12 ёшида мадрасага ўқишга киради. У ёзда ишлаб ота- онасига ёрдам қилар, бошқа вақтларда ўқир эди. Ўта иқтидорли бўлган А.Авлоний 15 ёшида шеърлар ёза бошлади.

Дастлабки шеърларида ва «Ҳижрон»
деган мақоласида халқни янги усул мактабларида ўқиб-ўрганишга тарғиб қилди. Авбдулла Авлоний 1907 йилда «Шуҳрат», «Осиё» номли янги газеталар чиқара бошлади, лекин чор амалдорлари тез орада газеталарни ёптириб қўяди.

А.Авлоний кейинроқ «Садойи Туркистон» (1914—1915), «Турон» (1917), «Иштирокиюн» (1918) газеталарида, «Касабачилик ҳаракати» (1921) журналида муҳаррир бўлиб ишлайди. Шундан сўнг, у ўзбек матбуотнинг забардаст вакили, ўзбек матбуотнинг асосчиларидан бири сифатида танилади.

ХХ аср бошларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида педагогик фикрларнинг ривожида Абдулла Авлоний алоҳида ўрин эгаллади, бутун фаолияти даврида у ўз халқига хизмат қиладиган комил инсонни етиштириш, унинг маънавиятини шакллантиришга алоҳида эътибор берди.

Абдулла Авлоний театрчилик
фаолияти ҳақида

Абдулла Авлоний ўзбек зиёлилари ичида биринчилардан бўлиб, ўзбек халқ театрини профессионал театрга айлантириш учун 1913 йилда «Турон» номи билан театр труппасини ташкил қилади. Бироқ бу труппанинг профессонал театрга айланиши учун катта тўсиқлар бор эди. Чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати халқнинг ижтимоий онгининг уйғонишига ёрдам кўрсатувчи театрларнинг барча шаклларига қарши эди.

Театрга ана шундай салбий муносабатда бўлган бир пайтда Авлонийнинг театр труппасини ташкил қилиш ва ижтимоий мазмундаги пьесаларни саҳналаштириши унинг халқ маърифати йўлидаги зўр жасорати эди.

Театршунос М.Раҳмонов Авлонийнинг театрчилик
фаолияти ҳақида шундай ёзади: «Авлоний труппа учун «Адвокатлик осонми?», «Пинак», «Икки мущаббат», «Портуғолия инқилоби» каби драмалар ёзди, «Қотили Карима», «Уй тарбиясининг бир шакли», «Хиёнаткор оиласи», «Бадбахт келин», «Жаҳолат», «Ўликлар» каби саҳна асарларини татарча ва озарбайжончадан таржима қилади». Аммо бу асарлар нашр қилинмади

1916 йили озарбайжонлик машҳур актёр Сидқий Руҳилло Тошкентга келиб, «Турон» труппаси билан бирга «Лайли ва Мажнун» спектаклини қўяди.

Авлоний бу спектаклда қайснинг отаси ролини ижро этади. Труппа аъзолари билан Авлоний 1914—1916 йиллари Фарғона водийсида гастролларда бўлади