«УМУМИЙ ЎРТА ВА КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ ТИЗИМЛАРИДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯДАН СИНФДАН ТАШҚАРИ ИШЛАР»

Ҳозирги кунга келиб умумий ўрта таълим тизимида жисмоний тарбиядан синфдан ташқари ишлар мактабнинг жисмоний тарбия жамоаси (МЖТЖ) орқали, жисмоний тарбия фаолларини тайёрлаш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари тарзида оммавий жисмоний тарбия соғломлаштириш ишлари ҳамда оммавий спорт ишлари сифатида йўлга қўйилган ва амалда улардан кенг фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунга келиб синфдан ташқари ишларнинг мазмуни айтарли даражада бой. Умумий таълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари ўқувчи жисмоний тарбиясини қайд қилинган шаклларини фақат мактаб спорт мусобақалари, мактаб спорт секцияларининг ўқув гуруҳларидаги тренировка машғулотлари ҳамда «Алпомиш» ва «Барчиной» саломатлик тести бўйича йўлга қўйиладиган ишларни тушуниб, жисмоний тарбия жараёнининг бундан кўп қамровли иши шаклларидан амалиётда номигагина фойдаланмоқдалар, холос. Синфдан ташқари ишларни бундай шаклларидан фойдаланиш барча умумий таълим мактаблари учун хос. Тадқиқотларнинг кўрсатишича (Р.Расулов, 2008) ягона мазмунга эга бўлган, ўқувчилар жисмоний тарбияси низомида қайд қилинган синфдан ташқари ишларнинг самарали шаклларидан фойдаланиш ҳозирги кун талаблари даражасида эмаслиги таъкидланган.